Revelation of John 4
Самодаги сажда
1Шундан кейин мен осмонда ланг очиқ бир эшикни кўрдим. Илгари менга гапирган карнай садосига ўхшаш ўша овоз яна эшитилди. У шундай деди: “Бу ёққа чиқ, бундан кейин нима юз беришини сенга кўрсатаман.” 2Шу пайт Муқаддас Руҳ мени қамраб олди. Мен самода турган бир тахтни кўрдим, унда бир Зот ўтирар эди. 3Ўтирган Зотнинг қиёфаси қимматбаҳо яшма ва лаъл тошларидай ярқирарди. Тахт атрофида зумрад тусидаги камалак жилваланарди. 4Тахтнинг теварагида яна йигирма тўртта тахт турарди. Бу тахтларда оқ кийим кийган, бошларида олтин тожлари бўлган йигирма тўрт нафар оқсоқол ўтирар эди. 5Тахтдан чақмоқ чақарди, момақалдироқнинг гулдурос садоси келарди. Тахт олдида Худонинг етти руҳи бўлган еттита машъала ёниб турарди. 6Тахтнинг олдида ойна сингари денгизга ўхшаш, биллурдай тиниқ бир нарса бор эди. Тахтнинг атрофида тўртта жонли мавжудот турар эди, уларнинг олди ва орқаси кўзлар билан қопланган эди. 7Биринчи мавжудот шерга, иккинчиси буқага ўхшар эди, учинчи мавжудотнинг юзи одамнинг юзига, тўртинчиси эса учаётган бургутга ўхшар эди. 8Бу тўртта мавжудотнинг ҳар бирида олтитадан қанот бор эди. Уларнинг ҳамма ёғи кўзлар билан қопланган эди, ҳатто қанотларининг тагида ҳам кўзлари бор эди. Улар кечаю кундуз тинмай шундай сўзларни такрорлар эдилар:“Муқаддасдир, муқаддасдир,Муқаддасдир Қодир Худо — Эгамиз.
У бор бўлган, ҳозир ҳам бор,
Келажакда ҳам бор бўлар!”
9Мавжудотлар тахтда Ўтирганни, то абад барҳаёт Зотни улуғлашарди, иззат–икром кўрсатиб, шукроналар айтишарди. 10Шунда йигирма тўрт нафар оқсоқол тахтдаги то абад барҳаёт Зот олдида ерга мук тушиб, сажда қилишарди. Тожларини тахт олдига қўйиб, шундай дейишарди: 11“Ё Эгамиз, ё Худойимиз!
Сен қудратлисан!
Улуғворлигу иззатга Сен лойиқсан!
Зеро, бутун борлиқни Сен яратгансан,
Ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди, яратилди.”
Copyright information for
UznUzbC