‏ Revelation of John 6

Муҳрлар

1Кейин мен Қўзининг етти муҳрдан бирини ечганини кўрдим. Ўша пайтда тўртта жонли мавжудотдан бири момақалдироққа ўхшаш овоз билан: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. 2Шунда мен бир оқ отни кўрдим. От устида камони бор сувори ўтирарди. Унга бир тож берилди. У босқинчи бўлиб, душманларини босиб олиш учун йўлга чиқди.

3Қўзи иккинчи муҳрни ечганда, мен иккинчи мавжудотнинг: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. 4Шу пайт бошқа бир от чиқиб келди. У қип–қизил рангда эди. Халқлар бир–бирига қирғин келтирсин деб, бу от устидаги суворига дунёни тинчликдан маҳрум қилиш қудрати берилганди. Унга катта қилич ҳам берилди.

5Қўзи учинчи муҳрни ечганда, мен учинчи мавжудотнинг: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. Шунда мен қора отни кўрдим. Бу от устидаги суворининг қўлида тарози бор эди. 6Мен тўртта мавжудотнинг орасидан чиққан овозга ўхшаш бир садони эшитдим. Ўша овоз деди: “Одамлар бир кунлик иш ҳақига
бир кунлик иш ҳақи — юнонча матнда динор, Рим кумуш тангаси. Бир динор мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи эди. Дон танқислиги сабабли, шу қадар қиммат бўлишига ишора.
бор–йўғи бир коса буғдой ёки уч коса
бир коса…уч коса — юнонча матнда хиникс…уч хиникс, тахминан 1 литрга ва 3 литрга тўғри келади.
арпа сотиб оладиган бўлсин. Аммо зайтун боғлари ва узумзорларга зарар етказма!”

7Қўзи тўртинчи муҳрни ечганда, мен тўртинчи мавжудотнинг: “Кел!” деб айтганини эшитдим. 8Шунда мен кўкимтир рангдаги бир отни кўрдим. От минган суворининг номи Ўлим эди. Унинг кетидан Қабр эргашиб келаётган эди. Уларга дунёнинг тўртдан бир қисми устидан ҳокимият берилганди. Улар ердаги одамларни қилич, қаҳатчилик, ўлат ва ёввойи ҳайвонлар орқали ўлдиришлари мумкин эди.

9Қўзи бешинчи муҳрни ечганда, мен қатл қилинган одамларнинг жонларини қурбонгоҳ остида кўрдим. Улар Худонинг каломи ва берган шаҳодатларига содиқ қолганлари учун ўлдирилган эдилар. 10Улар қаттиқ фарёд қилиб, шундай дердилар: “Ё Эгамиз, Сен муқаддас ва ҳақдирсан. Сен қачон дунёда яшаётганларни ҳукм этасан? Қачон улардан ўлимимиз учун қасос оласан?” 11Бу жонларнинг ҳар бирига оқ либос берилди. Уларга: “Қисқа бир муддат дам олиб туринглар”, деб айтилди. Бошқа хизматчи биродарлар ҳам улар сингари ўлдирилиб, ўлдирилганларнинг сони белгиланган миқдорга етгунча улар кутиб туришлари керак эди.

12Қўзи олтинчи муҳрни ечаётганини мен кузатиб турдим. Шунда қаттиқ зилзила рўй берди. Қуёш қора жундай тим қора бўлиб қолди, тўлин ой эса қондай қип–қизил тусга кирди. 13Осмондаги юлдузлар ерга қулади. Ҳа, кучли шамол дарахтни силкитиб анжирни тўккандай улар ерга тўкилди. 14Осмон қоғоздай ўралиб, йўқ бўлиб кетди. Ҳар бир тоғ ва орол жойидан силжиб кетди. 15Дунёнинг шоҳлари, аслзодаларию лашкарбошилари ғорларга ва тоғларнинг қоялари орасига яшириндилар. Улар билан бирга бойлару кучлилар, қулу эркин одамлар яшириндилар. 16Улар тоғу қояларга шундай деб ёлворар эдилар: “Устимизга қуланг, тахтда ўтирган Зотнинг назаридан ва Қўзининг ғазабидан бизни яширинг! 17Ахир, Улар ғазабини сочадиган қўрқинчли кун келди! Бу кунга ким бардош бера оларди?!”
Copyright information for UznUzbC