Ruth 2
Рутнинг Бўаз билан учрашуви
1Наиманинг Бўаз деган қариндоши бўлиб, анчагина обрўли, бадавлат одам эди. У Наиманинг марҳум эри Элималек уруғидан эди. 2Бир куни Мўаблик Рут Наимага: — Мен далага бормоқчи эдим. Ким илтифот кўрсатса, ўша даладан бошоқ териб келардим ▼▼ …бошоқ териб келардим… — қонунга биноан, йиғим–терим пайтида камбағаллар териб олсинлар деб, ўроқчилар далада бошоқ ташлаб кетишарди (Левилар 19:9-10, Қонунлар 24:19 га қаранг).
, — деди. — Майли, боравер, қизим, — деди Наима. 3Рут кетди. Далага етиб келиб, ўроқчиларнинг орқасидан тўкилган бошоқларни тера бошлади. Қарангки, бу дала Элималекнинг қариндоши Бўазники экан. 4Бир пайт Байтлаҳмдан Бўаз келиб қолди. У ўроқчиларга: — Ҳорманглар, Худо сизларга ёр бўлсин! — деди. Улар ҳам: — Бор бўлинг, Худо умрингизга барака берсин! — деб жавоб қайтаришди. 5Бўаз ўроқчилар назоратчисига Рутни кўрсатиб: — Бу жувон ким? — деб сўради. 6Ўроқчилар назоратчиси: — Бу ўша Мўаблик мусофир, — деди, — Наима билан бирга Мўаб юртидан келган. 7У: “Мен ўроқчилар орқасидан юриб, тўкилган бошоқларни териб олсам”, деб сўраган эди. Тонг саҳарда келиб шу чоққача тинмай далада ишлади. Ҳозиргина чайлада бир оз дам олгани ўтирди. 8Бўаз Рутга: — Менга қара, қизим, — деди, — бошоқ териш учун бошқа далага бормай қўя қол. Шу ерда менинг чўриларим билан бирга юравер. 9Сен фақат хизматкорларим буғдой ўраётган далада бўл, уларнинг орқасидан юравер. Хизматкорларимга тайинлаб қўяман, сенга индашмайди. Чанқасанг, анави идишларда сув бор. Қудуқдан хизматкорларим тортиб олган, ичавер! 10Рут ер ўпгудай бўлиб таъзим қилди–да, Бўазга шундай деди: — Нечун назарингизга тушиб, шунчалик меҳрингизга сазовор бўлдим? Мен ахир, келгинди бўлсам, сиз менга шу қадар эътибор беряпсиз. 11Бўаз шундай жавоб берди: — Эринг ўлгандан кейин қайнанангга қандай муносабатда бўлганингни менга айтиб беришди. Сен ота–онангни, юртингни ташлаб, илгари ўзингга бегона бўлган халқ орасида яшашга келдинг. 12Яхшиликларинг учун Эгамдан қайтсин. Сен паноҳ истаб келган Исроил халқининг Худоси — Эгамдан сенга тўлиқ мукофот бўлсин. 13— Сизнинг меҳрингизга сазовор бўлайин, тўрам! — деди Рут. — Сиз мендай чўрингизнинг дилидаги армонларини гапириб, тасалли бердингиз. Лекин мен сизнинг чўриларингиздан биронтаси эмасман–ку. 14Тушлик пайти бўлганда Бўаз Рутга: — Бу ёққа кел, нондан ол, мусалласга ботириб егин, — деди. Рут хизматкорлар ёнидан жой олди. Бўаз унга қовурилган донлардан узатди. Рут тўйди ва озроқ орттириб ҳам қолдирди. 15Сўнгра Рут яна бошоқ териб олай деб, ўрнидан туриб нарига кетди. Бўаз хизматкорларига шундай буйруқ берди: — У боғламлар орасидан ҳам териб олаверсин, зинҳор хафа қила кўрманглар. 16Ҳатто боғламдан атайин ташлаб қолдириб кетинглар. У териб олсин, уни койиманглар. 17Шундай қилиб, Рут қош қорайгунча далада бошоқ терди, терганларини янчди. У янчган арпа бир тоғорадан кўпроқ ▼▼ …бир тоғорадан кўпроқ… — ибронийча матнда …тахминан бир эфа…, тахминан 22 литрга тўғри келади.
чиқди. 18Донни кўтариб, шаҳарга жўнади. У териб келган донни қайнанасига кўрсатди. Рут ўзи тўйгандан сўнг орттириб қолдирган қовурилган донларни қайнанасига берди. 19Қайнанаси Рутдан сўради: — Қайда ишладинг? Кимнинг даласидан бошоқ тердинг бугун? Сенга ёрдам кўрсатганни Худо ёрлақасин! Рут кимникида ишлаганини қайнанасига айтди: — Бугун мен ишлаган даланинг эгаси Бўаз деган одам экан, — деди. 20Наима келинига: — Уни Худо ёрлақасин! — деди ҳаяжонланиб. — Тирикларга, ҳам марҳумларга ▼▼ марҳумлар — Наима марҳум эри ва ўғилларини назарда тутяпти.
содиқ қолиб, марҳаматини дариғ тутмабди. Сўнг: — У киши бизнинг яқин қариндошларимиздан, оиламизни ўз паноҳига олишга бурчли одамлардан ▼▼ …оиламизни ўз паноҳига олишга бурчли одамлардан… — ибронийча матнда махсус термин бўлиб, унинг сўзма–сўз таржимаси …қутқарувчиларимиздан…. Оғир муҳтожликда қолган оила аъзоларига ғамхўрлик қилишга бурчли яқин қариндош. Бундай вазиятда ўша одам Наима ва Рутга ёрдам бериб, ғамхўрлик кўрсатиши, икковининг марҳум эрлари Элималек ва Махлўннинг оиласи номини давом эттиришга ёрдам бериши керак эди (Қонунлар 25:5-10 га қаранг).
, — деб қўшиб қўйди. 21Мўаблик Рут ҳам қўшимча қилди: — У менга ҳатто, даламда ўрим–йиғим тугамагунча, менинг хизматкорларим билан бирга юравер, деб айтди. 22Наима келинига: — Яхши, қизим, сен унинг чўри қизлари билан юравер. Бегона далага борсанг, сенга озор беришлари мумкин, — деди. 23Шу тариқа Рут арпа ва буғдой ўрими тугагунга қадар ▼▼ …арпа ва буғдой ўрими тугагунга қадар… — июннинг охиригача.
, Бўазнинг чўри қизлари ёнида бошоқ териб юрар, қайнанаси билан бирга яшарди.
Copyright information for
UznUzbC